24 Июнь 2025 882

Боксчиларимиз шуғулланаётган Янгиободдаги спорт базаси ва терма жамоа машғулотлари кўздан кечирилди

Айни кунларда Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар бокс бўйича терма жамоалари Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда. Бугун Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти «Янгиобод» спорт базасига ташриф буюриб, терма жамоа машғулотларини кузатди ҳамда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Ташриф давомида расмийлар мураббийлар штаби билан учрашиб, жорий йилдаги асосий мусобақалар, тайёргарлик режаси ва жамоа ҳолати борасида фикр алмашишди. Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов йиғинга оид батафсил маълумот берди. Шунингдек, спортчилар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг руҳий ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги ўрганилди.

Аҳамиятлиси, ҳозирда Украина эркаклар ва аёллар терма жамоаси тўлиқ таркибда ушбу спорт базасида йиғин ўтказмоқда. Мутасаддилар хорижлик спортчилар билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг машғулот жараёни ва яратилган имкониятлар ҳақида фикр алмашишди.

Ташриф давомида расмийлар 32 ёшни қарши олган икки карра Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматовни табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва янги муваффақиятлар тилашди. Шунингдек, замонавий қулайликларга эга яна бир зал қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Якунда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда тайёргарлик самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Text to speech