Жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашган қўл жанги усталари тақдирланишди
29 май – 3 июнь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида қўл жанги бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди. Шунингдек, 3-8 июнь кунлари Грециянинг Лутраки шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон спорт ўйинлари дастуридаги қўл жанги беллашувларида атлетларимиз 13 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғаришди. Ҳар икки мусобақада юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар.
Бугун Спорт вазирлигида ушбу турнирларда муваффақиятли қатнашган спортчи ва мураббийларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда спортчиларимиз хизмат қиладиган ҳарбий ташкилотлар, қолаверса, Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат қўл жанги федерацияси раҳбарияти иштирок этди.
Расмийлар ҳамюртларимиз эришган мазкур улкан муваффақият билан қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятида янада катта совринларга эга бўлишларини тилашди. Спортчи ва мураббийларга эришган натижаларига қараб муддатидан аввал ҳарбий унвон, кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.