Танзила Норбоевани табриклаймиз!
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева ўз таваллуд айёмини нишонламоқда.
Танзила Камаловна Норбоева 1956 йил 24 июль куни Андижон вилоятида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. 1995-2010 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда меҳнат қилган. 2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, 2019 йил Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат Раиси лавозимига сайлангунга қадар (2016-2019 йиллар) Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган. Танзила Камаловна ушбу қўмитадаги фаолияти давомида юртимизда аёллар спортини ривожлантириш борасида самарали раҳбарлик қилган. Бу борада қатор лойиҳа ва дастурлар амалга оширилган.
Танзила Норбоева 2011 йилдан Ўзбекистон велосипед спорти федерацисига раҳбарлик қилиб, ушбу спорт турининг юртимизда янада тараққий этишига ўзарининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бундай меҳнатни Осиё велосипед спорти конфедерацияси (АСС) ҳам эътироф этиб, Танзила Норбоевани 2019 йил «Велосипед спортини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» фахрий унвони билан тақдирлади.
Шунингдек, Танзила Камаловна Давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Танзила Норбоевани бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этиб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва куч-ғайрат тилаб қолади.