Кун дайжести:
Португалия – икки карра УЕФА Миллатлар лигаси кубоги соҳиби
Футбол бўйича УЕФА Миллатлар лигаси ўз якунига етди. Бош соврин учун Португалия ва Испания терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунлангач ғолиб пенальтилар церийасида аниқланди. “Футбол лотереяси”да эса португаллар 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, иккинчи бор мазкур совринни қўлга киритишди. Учинчи ўрин учун баҳсда Франция Германия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ролан Гаррос ғолиблари аниқланди
Париж кортларида теннис бўйича Франция очиқ чемпионати ("Ролан Гаррос") якунланди. Эркаклар ўртасидаги яккалик дастури финалида италиялик Янник Синнер ва испаниялик Карлос Алькарас ўзаро тўқнаш келишди. Дастлабки икки сетни Синнер ўз фойдасига ҳал қилганига қарамай, Алькарас қолган бўлимларда ўз устунлигини намойиш эта олди ва ажойиб камбек билан кетма-кет иккинчи бор ушбу турнир чемпионлигини қўлга киритди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса америкалик Кори Гауфф беларуслик Арина Сабаленкодан уч сетда устун келди.
Эртага катта футбол
Эртага Осиё минтақасида футбол бўйича ЖЧ-2026 3-саралаш босқичи ниҳоясига етади. Муддатидан аввал ўз тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоаси «А» гуруҳида сўнгги турни ўз майдонида Қатарга қарши ўтказади. Бугун бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ва жамоаларнинг расмий машғулотлари ташкил этилади.



