Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 64 ёшда!
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 64 ёшни қарши олмоқда.
Шавкат Миромонович 1957 йил 24 июль куни Жиззах вилоятида таваллуд топган. У кишининг спортни ич-ичидан тушунишлари, жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини фаол қўллаб-қувватлашлари натижасида спортчиларимиз ҳам халқаро майдонда юртимиз довруғини дунёга танитишмоқда. Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар бир спорт турида ўзбек мактабини яратиш спорт жамоатчилиги олдида турган асосий вазифалардан бири. Бу эса мамлакатимиз аҳолисининг соғлом турмуш даражаси янада ўсишида жуда муҳимдир.
Бугундан атлетларимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишга киришадилар. Таъкидлаш жоиз, спортчиларимизнинг Олимпия ўйинларига тайёргарлиги юртбошимиз томонидан мунтазам равишда назорат қилиб борилди. Ўз навбатида, спортчиларимиз бунга жавобан юртимизга шода-шода медаллар билан қайтиб келишига ишонамиз.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Республика спорт фахрийлари кенгаши, мураббийлар, спортчилар ва катта спорт жамоатчилиги, Олимпия ҳаракати иштирокчилари барча-барча яратилган шароитлар, кенг кўламдаги ислоҳoтлар учун Президентимизга миннатдорчилик изҳор қилиб, бугунги таваллуд айёмида юртбошимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.