“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
17 май куни ўзбек спортида янги саҳифа очиши кутилаётган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” оммавий спорт мусобақасига старт берилади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида унга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда спикерлар Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда МОҚ раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов мусобақа ҳақида батафсил маълумот беришди.
Унга кўра, беллашувлар дзюдо, бокс, таэквондо ВТ, оғир атлетика, юнон-рум кураши, эркин кураш (йигитлар ва қизлар), енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, 3х3 баскетбол спорт турларида 15-17 ёш оралиғида ташкил этилади. Мусобақада белгиланган ёш тоифасидаги исталган ўғил-қизлар иштирок этишлари мумкин. Анжуманда спикерлар нега айнан мазкур спорт турлари танлаб олингани, рўйхатдан ўтиш тартиби, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш ва уларга бериладиган имтиёзлар, мусобақа низоми борасида батафсил маълумот беришди.
Мусобақалар уч босқичда ташкил этилиб, ёшлар дастлаб минтақа, сўнг ҳудуд ва йил якунида Республика босқичида беллашишади. Якуний босқич Президент Олимпиадаси номи билан аталиб, унда ғалаба қозонган спортчилар кўплаб имтиёзлар, катта миқдордаги моддий мукофотларга эга бўлишади.
Анжуман давомида расмийлар селекцион характердаги мазкур мусобақага оид бошқа қизиқарли маълумотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.