12 Май 2025 735

Ойбек Касимов Кирсти Ковентри билан учрашди

Кувайт шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия Кенгашининг (ООК) 45-Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов халқаро спорт ташкилотлари вакиллари билан фаол мулоқотлар олиб бормоқда.

Хусусан, О.Касимов Халқаро Олимпия Қўмитаси Атлетлар комиссияси раиси ва яқинда ХОҚ Президенти лавозимига сайланган Кирсти Ковентри билан учрашди. Ойбек Омилович Ковентри хонимни ХОҚ фаолиятидаги тарихий сайловда ғалаба қозонгани билан самимий табриклади. Шунингдек, у К.Ковентрининг ушбу лавозимга сайлангани ХОҚ раҳбарлигига келган илк аёл ва Африка қитъасидан биринчи вакил сифатида Олимпия ҳаракати ривожида муҳим ўрин бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, Ойбек Омилович Ковентри хоним раҳбарлигида ХОҚ юқори мақсадлар сари олға ҳаракат қилишини ишонч билан таъкидлади ва уни мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз томонидан олиб борилаётган спорт соҳасидаги ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга таклиф қилди.

Айни пайтда Кувайтдаги Бош Ассамблея иши қизғин руҳда давом этмоқда. Унинг кун тартибидан қитъамиз спорти ва Олимпия қадриятларига оид муҳим лойиҳаларни кўриб чиқиш ўрин олган.

Text to speech