Нагояликлар Олимпиячиларимизни қўллаб-қувватлайди
Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари мобайнида Ўзбекистон ва Япония давлатлари ҳамкорлигидаги маданий тадбирлар давом этмоқда. Бугун Нагоя шаҳри мэрияси ва бир гуруҳ шаҳар фаоллари иштирокида ўзбекистонлик Олимпиячиларни қўллаб-қувватловчи тадбир ўтказилди.
Тадбир ZOOM платформасида ташкил этилди. Унда Нагоя шаҳри мэри Кавамура Такаши, шаҳар фаоллари ва у ерда бўлиб турган ўзбекистонлик талаба ёшлар, шунингдек, МОҚ мутасаддилари, Ўзбекистон гимнастика федерацияси вакиллари ва лицензиат бадиий гимнастикачиларимиз иштирок этишди.
Онлайн тадбир давомида нагояликлар ҳамюртларимиз учун шаҳарларининг ажойиб тақдимотини ўтказишди. Унда шаҳар тарихи, ҳозирги қиёфаси, эътиборга лойиқ ҳудудлари, тарихий ва маданий обидалари, турли сайёҳлик марказлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинди.
Қайд этиш жоиз, Нагоя шаҳри даставвал Ўзбекистон Олимпиячилари учун мезбон шаҳар мақомида бўлган. Боиси пандемиядан аввал у ерда бир қатор терма жамоаларимиз Олимпиададан аввалги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши режалаштирилган эди.
Тадбир якунида Кавамура Такаши сўз олиб, ўзбек ва япон халқларининг бир-бирига яқин алоқалари, маданияти ҳақида батафсил гапириб, ўзбекистонлик Олимпиячиларга бўлажак мусобақада ўзининг илиқ тилакларини билдириб ўтди.