14 Апрель 2025 1604

Кун дайжести:

 Футболчиларимиз ярим финалда
Саудия Арабистонида ўтаётган футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ярим финалга йўл олди. Ўсмирларимиз чорак финалда БАА жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди.

 Хоккейчиларимиз мезбонларга қарши
Хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бугун жаҳон чемпионатининг IV дивизионида иккинчи тур учрашувини ўтказади. Ҳамюртларимиз бу турда асосий рақиб, мезбон Арманистонга қарши баҳс олиб боришади.

 Кураш бўйича Европа чемпионати ўтказилди
12-13 апрель кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида кураш бўйича катталар ва ёшлар ўртасида Европа чемпионати бўлиб ўтди. Унда 19 мамлакадан 150 нафар спортчи иштирок этди. Турнирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири, Халқаро кураш ассоциациясининг биринчи вице-президенти Адҳам Икрамов ҳам фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

 Боксчиларимиз Боку ва Хабаровск турнирларида
Шу кунларда Озарбайжон пойтахтида бокс бўйича “Буюк ипак йўли” халқаро турнири бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг 12 нафари ярим финалга етиб келишди ва ўзлари учун камида бронза медалини нақд қилдилар. Бугун улар финал йўлланмаси учун жанг қилишади.

15-19 апрель кунлари Россиянинг Хабаровск шаҳрида бокс бўйича халқаро хотира турнири бўлиб ўтади. Турнирда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Куба, Хитой, Грузия каби 16 мамлакатдан 150 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашади. Баҳсларда икки карра Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, шунингдек, Шодиёржон Мелиқўзиев, Гулсевар Ғаниева, Азиза Зокирова каби 19 нафар боксчимиз иштирок этади.

 Спорт курашлари бўйича Европа чемпионатида ноодатий ҳолат
7-13 апрель кунлари Словакияда спорт курашлари бўйича Европа чемпионати ўтказилди. Юнон-рум кураши бўйича -72 кг вазн тоифасида ноодатий ҳолат юз берди. 4:4 ҳисобида якунланган баҳс якунида ҳакамларнинг қарори билан финалчилар Леванте Леваи (Венгрия) ва Иброҳим Ғанем (Франция) олтин медаль соҳиблари деб эълон қилинди.

Text to speech