Олимпия бирдамлиги лойиҳаси асосида яна бир семинар муваффақиятли якунланди
Халқаро Олимпия қўмитасининг Олимпия бирдамлиги лойиҳаси асосида стол тенниси бўйича маҳаллий мураббийлар учун ташкил этилган семинар ниҳоясига етди. Бугун курсларни муваффақиятли якунлаган иштирокчиларга МОҚ раҳбарияти томонидан сертификатлар тақдим қилинди.
Халқаро стол тенниси федерацияси ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу тадбирга иорданиялик Муҳаммад Атум эксперт сифатида жалб этилди. Мутахассис 9 кун мобайнида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 28 нафар мураббийга назарий ва амалий йўналишларда ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Тадбир якунланганидан кейин МОҚ раҳбарияти Муҳаммад Атум билан учрашув ўтказди. Унда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, келгусида нафақат мураббийлар, балки ҳакамларнинг ҳам малакасини ошириш каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, иорданиялик мутахассис юртимизда стол теннисига қизиқиш юқори даражада эканини билдириб, кейинчалик ҳам ҳамкорликда иш олиб боришдан мамнун эканини билдирди.