Ўзбекистон Марказий Осиё киберспортининг асосий давлатига айланмоқда
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда спортни ривожлантириш, мусобақалар ўтказиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инвестициялар киритиш борасида муайян ишлар олиб бормоқда. Бу кўплаб комплекс мусобақалар дастурига киритилаётган киберспорт ривожини мамлакатимизда янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистонда нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун кенг имкониятлар тақдим этади.
Аҳамиятлиси, мазкур йўналишдаги энг йирик ҳамкорлик PUBG MOBILE асосчиси — “Tencent” компанияси билан амалга оширилмоқда. MOQнинг кўмагида ташкил этилган лойиҳа доирасида компания 4 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритади. Бу маблағ мусобақалар ташкил этиш, инфратузилмани кучайтириш каби мақсадларда сарфланиши кўзда тутилиган.
Қайд этиш жоиз, 9–13 апрель кунлари “ZO’R TV” телеканалига қарашли “Renaissance Hall” майдонида PUBG MOBILE бўйича халқаро турнир бўлиб ўтади. Унда 15 давлатдан 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 500 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Бу нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё ҳудудида PUBG MOBILE оламидаги энг йирик турнир бўлади. “Tencent” компанияси вакиллари бу сабаб юртимизни минтақанинг киберспорт бўйича маркази дейишди.
Шунингдек, мусобақа ҳомийлари томонидан ғолиблар учун пул мукофотидан ташқари, автомобиллар ҳам тақдим қилинади.
Тадбир арафасида MOQ раҳбарияти — раиснинг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва Бош котиб Ойбек Қосимов мусобақага тайёргарлик бўйича Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси вакилларининг ҳисоботларини эшитиб, ташкилотчилик масалалари бўйича қатор топшириқлар берди.
Мусобақа MOQнинг киберспорт йўналишидаги фаолиятини кучайтириш ва унга инвестиция жалб қилиш стратегияси йўлида муҳим қадам бўлди.