МОҚ раҳбари Олимпия шаҳарчасидаги шароитлар билан танишди
Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўл олган Ўзбекистон делегацияси Олимпия шаҳарчасига жойлашди. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов мазкур объектда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди.
Хабар берганимиздек, МОҚ раиси ўринбосари, Тезкор штаб раҳбари Шерзод Ташматов бошчилигидаги гуруҳ бир неча кун муқаддам Токиога етиб бориб, асосий делегация ташрифига қадар жамоамиз учун ажратилган ҳудудни ҳозирлаб қўйди. МОҚ раҳбари барча жойларни кўздан кечириб, қўшимча керакли тавсияларни бериб ўтди.
Чартерда ташриф буюрган 63 нафар делегация аъзоларидан 27 нафари меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Шу жумладан, 7 нафар ОАВ ходимлари ва бошқа делегация аъзолари ҳам. Ҳозирда Олимпия шаҳарчасида истиқомат қилаётган делегация вакиллари 57 нафарни ташкил қилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига дзюдо, академик эшкак эшиш, қиличбозлик, ўқ отиш, сузиш, спорт гимнастикаси, таэквондо, велоспорт, теннис бўйича миллий терма жамоалар тўлиқ таркибда Олимпия шаҳарчасига жойлаштирилди. Бокс, енгил атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, бадиий гимнастика, оғир атлетика, замонавий бешкураш, каноэда эшкак эшиш бўйича миллий терма жамоаларимиз навбатма навбат 2 август санасига қадар Олимпия шаҳарчасига жойлашиши кутилмоқда.