Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг конференцияси ўтказилди
Бугун Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Мудофаа ва Спорт вазирликлари, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти ва федерация раёсати аъзолари иштирок этишди.
Расмийлар Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ушбу спорт турида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар олиш устувор вазифалардан эканини таъкидлашди. Шундан келиб чиққан ҳолда федерация раҳбарияти таркиби қайта шакллантирилди.
Унга кўра, Рамиз Еналиев, Акбар Каримов ҳамда Ҳусан Ботиров федерация раиси ўринбосари лавозимига сайланишди. Шунингдек, федерациянинг назорат-тафтиш ҳайъати, ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ва Ижроия қўмитаси аъзолари ҳам тасдиқланди.
Йиғилиш давомида федерациянинг бўлажак Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси муҳокама қилиниб, бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Қолаверса, янги Олимпия циклига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан Мудофаа ва Спорт вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.