Ру En O'z
16 Июль 2021 3687

Улар Токиога боришади: Полвон бобосининг номини олган Муҳаммадкарим Хуррамов

Токио-2020 лицензиатларини ҳамюртларимизга яқиндан таништиришда давом этамиз. Бугун бўлажак Олимпиадада -100 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган полвонимиз Муҳаммадкарим Хуррамов ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.

Муҳаммадкарим Шокиржон ўғли Хуррамов 1997 йил 4 апрель куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманида таваллуд топган. Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси. Дзюдодаги биринчи мураббийи отаси Шокиржон Хуррамов. Шундан сўнг Самарқандда Ўктам Раҳмонов қўл остида дзюдо сирларини ўргана бошлади.

Хуррамов курашчилар оиласида дунёга келган. Унинг бобоси Муҳаммадкарим ота ҳам Сурхон воҳасининг таниқли полвонларидан бўлган. Бобосига ўхшаган полвон бўлсин деб отаси унга Муҳаммадкарим деб исм қўйган. Хуррамов фаолиятини -90 килограмм вазн тоифасида бошлаган. 2016 йилдан юқори натижалар қайд эта бошлади. Ўша йили Тошкент Гран-присида учинчи ўрин, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эса олтин медаль эгаси бўлди. 2018 йилдан -100 килограмм вазн тоифасига ўтди.

Хуррамов 2019 йил кетма-кет Марракеш ва Тбилиси Гран-прилари, Осиё чемпионати ва ёзги Универсиада ўйинларида бронза медалига сазовор бўлди. 2020 йил февраль ойида Дюссельдорфда ўтган “Катта дубулға” мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Бу йил Бишкекда ўтган Осиё чемпионатини иккинчи ўринда якунлади.

Халқаро дзюдо федерацияси эълон қилган рейтинг якуни бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Text to speech