Майдзуру аҳолиси дзюдочиларимизни қўллаб-қувватламоқда
Айни кунларда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Япониянинг Майдзуру шаҳрида Токио-2020 Олимпия ўйинларига сўнгги тайёргарлик босқичини олиб бормоқда. Бугун Майдзуру шаҳри мэрияси, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан маданий тадбир ташкил этилди.
Унда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Майдзуру шаҳри ҳокимияти мутасаддилари, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси масъул ходими Музаффар Жалилов ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этишди.
Даставвал йиғилганлар терма жамоамизнинг очиқ машғулотига гувоҳ бўлишди. Шундан сўнг тадбирнинг маданий қисмига навбат берилди. Унда маҳаллий ёш мухлислар терма жамоамизни қўллаб-қувватловчи кўргазмали қуроллардан фойдаланишгани спортчиларимизни ўзгача хушнуд қилди. Шунингдек, унда ўзбек миллий кийимлари ва урф-одатларига оид кўргазма ҳам ташкил этилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур тадбир Майдзуру шаҳри мерияси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди. Тадбирда Азизжон Камилов шаҳар мэрига федерациянинг ташаккурномасини топширди.