«Дукент»да лицензиат Паралимпиячиларимиз тақдирланишди
Токио-2020 Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган спортчиларни тақдирлаш маросими бугун Ангренда давом этди. “Дукент” спорт базасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов иштирок этишди.
Шу куни пара-енгил атлетика ҳамда пара-академик эшкак эшиш бўйича Токио-2020 Паралимпиадасига лицензия қўлга киритган терма жамоа спортчиларига 100 миллион, уларнинг тренерларига 50 миллион сўмдан бир марталик мукофот пул мукофотларининг сертификатлари топширилди.
Маросимда сўз олган Мухторхон Ташходжаев Паралимпия ўйинлари остонасида турган спортчи ва тренерларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Сизларнинг мана шундай сабр ва матонат билан кўрсатаётган натижаларингиз ҳар қандай таҳсинга сазовор. Албатта, олдимизда катта мақсадлар турибди. Токиода бўладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида халқимиз ва Президентимиз сизлардан юқори натижалар кутмоқда. Ишонаманки, сизлар, албатта, бу ишончни оқлайсизлар ва Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига муносиб совға билан қайтасизлар. Барчангизга яна бир бор омад ва зафарлар ёр бўлсин”, – деди Равшан Ирматов.
Шундан сўнг пара-енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзолари – Сабина Суханова, Асила Мирзаёрова, Муҳаммад Рехсимов ва Нурхон Қурбонова сўзга чиқиб, ўзларига нисбатан билдирилган ушбу юксак эътибор учун Муҳтарам Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдиришди ҳамда бу ишончни Токиода бўладиган ўйинларда оқлашга ваъда беришди.