Илк бор жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган академик эшкак эшувчиларимиз Тошкентга қайтиб келишди
7-11 июль кунлари Чехиянинг Рачица шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ҳамюртларимиз мазкур спорт турида илк бор жаҳон чемпионати медалига сазовор бўлишган эди. Бугун спортчиларимиз Тошкентга қайтиб келишди.
Жаҳон чемпионатида BLM2 йўналишида иштирок этган Евгений Агафонов ва Шаҳзод Нурматов финалда марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтиб, бронза медалини қўлга киритишди. Тошкент халқаро аэропортида ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон ROWING& CANOE федерацияси мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Атлетларимизни кутиб олган мутасаддилар уларни эришилган тарихий натижа билан муборакбод этиб, келгуси фаолиятларида бундан ҳам йирик ғалабаларни қўлга киритишларини тилаб қолишди.