Ру En O'z
13 Июль 2021 1963

Рустам Ассакалов ва Диёра Келдиёровани табриклаймиз!

Бугун Токио-2020 лицензиатлари курашчи Рустам Ассакалов ва дзюдочимиз Диёра Келдиёрова таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.

Рустам Ассакалов 1984 йил 13 июль куни дунёга келган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Ассакалов 2015 йил АҚШнинг Лас-Вегас, 2019 йилда Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатларининг мос равишда кумуш ва бронза медаллари соҳиби ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, ушбу дунё биринчиликларидаги муваффақият унга Рио-2016 ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини тақдим қилди. Курашчимиз 2014 йилги Инчеондаги Осиё ўйинларида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, 2018 йил Жакартада кумуш медаль билан тақдирланган. Шунингдек, унинг ҳисобида Осиё чемпионатининг 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медаллари мавжуд.

Диёра Келдиёрова 1998 йил 13 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган. Келдиёрова 2015 йил кадетлар ўртасидаги ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби, 2016 йил Тошкент Гран-присида кумуш медални қўлга киритган. 2019 йил Диёра учун чинакам омадли ўтди, дейиш мумкин. Зеро, ўша йил спортчимиз Осиё чемпионатида олтин, жаҳоннинг энг кучли дзюдочилари қатнашадиган Мастерс турнирида бронза медалига сазовор бўлди. 2021 йил Анталияда ўтган “Катта дубулға” турнирида ҳам олтин, Бишкекда ўтган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Халқаро дзюдо федерацияси эълон қилган рейтинг бўйича Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки ҳамюртимизни таваллуд куни билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва бўлажак Олимпиадада шоҳсупага кўтарилишларини тилаб қолади.

Text to speech