Спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг янги режалари ўрганилди
МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) атлетларимизни йирик мусобақаларга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Бугун МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов РСТИАМда олиб борилаётган сўнгги ўзгаришлар билан танишди. Мутасаддиларга Марказ директори Камол Сирожитдинов ҳамроҳлик қилди.
Ўрганиш давомида янгича қиёфа очиб, замонавий техниклар билан жиҳозланган реабилитация бўлимига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда спортчиларимизнинг мусобақадан кейинги тикланиши учун барча шароитлар яратилиб, малакали мутахассислар бириктирилган. Шунингдек, лаборатория, стационар, илмий-тадқиқот бўлимларининг фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Спортчиларга ўз вақтида керакли тиббий ёрдамни кўрсатиш мақсадида хирургия ва реанимация бўлимлари ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. К.Сирожитдинов МОҚ раҳбариятини мазкур лойиҳа борасидаги режалар билан таништирди.
Қайд этиш жоиз, режа асосида бугун оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси янги мавсум олдидан чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтди. Расмийлар спортчиларимиз билан навбатдаги мусобақаларга тайёргарлик, атлетларимизнинг олдиларига қўйган мақсадлари, уларнинг саломатлиги ҳақида суҳбатлашиб, барчаларига омад тилаб ўтишди.