Терма жамоамиз Кунчиқар юртда!
Кеча тунда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Японияга жўнаб кетган эди. МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигидаги делегациямиз ҳозирда Майдзуру шаҳрига етиб борди.
Дзюдочиларимиз Илиас Илиадис ва Нелля Киямова мураббийлигида 19 июлга қадар япон денгизи қирғоқларидаги Киото префектурасига қарашли Майдзуру шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказади. Айнан 19 июль куни Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган дзюдочиларимиз Токиога йўл олса, машғулотларда спарринг вазифасини ўтаб берадиган қолган таркиб Тошкентга қайтиб келади.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Олимпиадасини айнан дзюдо баҳслари биринчилардан бўлиб бошлаб беради. Мусобақанинг илк куни -60 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз, жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаевга мухлислик қиламиз.