Уч нафар полвонимиз Париж “Катта дубулға” турнирида курашади
Дзюдо оламида янги мавсум бошланишига оз фурсат қолди. 1-2 февраль кунлари Францияда Париж “Катта дубулға” мусобақаси бўлиб ўтади.
Унда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан 250 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам мазкур мусобақада қатнашишади. Мамлакат дзюдо федерациясининг маълум қилишича, бу йилги Париж турнирида 3 нафар спортчимиз: Баҳром Ботуров (-60 кг), Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) ва Ўткирбек Тўрабоев (+100 кг) медаллар учун кураш олиб боришади.
Мазкур мусобақа доирасида дзюдо оламида 2024 йил лауреатлари ҳам аниқлаб олинади. Эслатиб ўтамиз, Халқаро дзюдо федерацияси (ИЖФ) томонидан жорий этилган номинацияларнинг 5 тасида ўзбек дзюдосига доир номзодларни учратиш мумкин.