МОҚ раҳбарияти Миллий футбол марказидаги қурилиш жараёнини кўздан кечирди
Айни даврда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ўзбек спортидаги яна бир бунёдкорлик лойиҳаси – Миллий футбол маркази қурилиши олиб борилмоқда. Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ушбу жараён билан яқиндан танишди.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берар экан марказ ҳудудида 280 кишига мўлжалланган замонавий меҳмонхона, футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, миллий терма жамоалар базаси, Республика футбол академияси, спорт тиббиёти ва реабилитация маркази фаолият олиб бориши ҳақида таъкидлади. Шунингдек, қурилиш жараёнида сифатли материаллардан фойдаланишга аҳамият қаратилаётганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров мазкур лойиҳа келгусида ўзбек футболининг юқори даражага кўтарилишида муҳим платформа вазифасини бажариши ҳақида тўхталиб, унда хориж тажрибасидан кенг фойдаланиш борасида таклифларини илгари сурди. Мутасаддилар ўрганиш ишлари давомида объектни батафсил кўздан кечириб, иш самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашишди.