Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритган пара-дзюдо ва пара-пауэрлифтингчилар тақдирланди
Тошкент вилоятининг сўлим Бўстонлик туманида жойлашган Белдерсой оромгоҳида Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган пара-дзюдо ҳамда пара-пауэрлифтингчилар ҳамда уларнинг тренерлари тақдирланишди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев иштирок этишди. Тантанали маросимда ХVI ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган спортчиларга 100 миллион сўм, уларнинг тренерларига 50 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотлари сертификатлари топширилди.
Ўз навбатида, Паралимпиячилар номидан сўзга чиққан Учқун Қуранбаев, Довурхон Кароматов, Фарҳод Умрзоқов, Севинч Салаева ҳамда Васила Алибоева давлатимиз томонидан уларга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрликдан миннатдорлигини билдиришди ва Юртбошимиз томонидан билдирилган ушбу юксак ишончни оқлаш учун Паралимпия ўйинларида бор куч ва салоҳиятини ишга солган ҳолда юқори натижалар кўрсатишга ваъда беришди.