Олимпиадаларда ўзбек полвонларига мағлуб бўлган машҳурлар (2-қисм)
Олимпия ўйинларига узоқ муддат тайёрланиб, унда ўзбекистонлик спортчиларга мағлуб бўлган атлетлар ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Бу галги фактларимиз эркин кураш устаси, пуэрто-риколик Франклин Гомес ҳақида бўлади.
Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинлари. -65 кг вазн тоифасида қатнашган Гомес чорак финалда ҳамюртимиз Ихтиёр Наврўзов билан тўқнаш келди. Маҳорат борасида устун бўлган полвонимиз бу беллашувда ғалаба қозонади. Кейинчалик Наврўзов Олимпия ўйинларининг медали йўлида мўғулистонлик рақибига қарши қандай драматик баҳс ўтказгани эсингизда бўлса керак.
Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари. Фаолияти давомида жаҳон чемпионатларининг финалигача борган Гомес бу галги Олимпиадада -74 кг вазн тоифасида қатнашади. Унга илк босқичда яна бир маҳоратли ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов рўбарў келади. Абдураҳмонов – Гомес тўқнашуви алоҳида эътибор қаратишга арзийдиган мавзу.
Маълумки, Бекзод машғулотларни АҚШда олиб боради. Полвонимиз океан ортида айнан Гомес билан бирга бир клубда шуғулланарди. Бу баҳсни хотирлар экан, Абдураҳмонов қуръа унга бир уйда яшаб, машғулотларга бирга қатнаган дўстини илк босқичдаёқ «совға» қилганини айтиб ўтган. Дўстона муносабат четга суриб қўйиладиган бу нуқта ҳар икки атлет учун ҳам ноқулай бўлгани, шубҳасиз. Якунда ушбу баҳс ҳам курашчимизнинг ғалабаси билан тугади ва Абдураҳмонов Олимпиада медали сари юришини давом эттирди.