Ру En O'z
27 Декабрь 2024 76

Лос-Анжелес-2028: Олимпиада йўлида регбичи қизларимизнинг имконияти йигитларимизга қараганда юқори баҳоланди

Спорт вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари федерация ҳамда ассоциацияларнинг янги Олимпия цикли учун режалари билан танишишда давом этади. Бугун Ўзбекистон регби федерациясининг бу борадаги режалари кўриб чиқилди.

Расмийлар ўрганиш ишлари давомида жамоавий спорт турларига алоҳида аҳамият қаратишмоқда. Бугун ҳам терма жамоаларнинг моддий техник базасини яхшилаш, хорижлик мутахассисларни жалб этиш, селекция ишларига аҳамият қаратиш орқали натижадорликни ошириш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, мамлакат регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев Тошкент вилояти ёки пойтахтимиз ҳудудида терма жамоа йиғинлари учун муқим базани белгилаб олиш таклифини илгари сурди.

Суҳбатда федерация мутасаддилари регби-7 бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имкониятларини юқори баҳолашди. Тақдимотда бунинг учун тузиб чиқилган режа ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, терма жамоанинг халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш, фармакология йўналишига эътибор қаратиш муҳим жиҳатлардан саналади.

Йиғилиш давомида федерация мутасаддиларининг мавзу юзасидан фикрлари ўрганилиб, Ўзбекистон делегациясини бўлажак Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳаси учун таклифлар белгилаб олинди.

Text to speech