Лос-Анжелес-2028: Қиличбозларимиз жамоавий дастурда ҳам лицензия қўлга киритишни ният қилишган
Спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари федерация ва ассоциацияларнинг янги Олимпия циклига тайёргарлик режалари билан танишиб чиқмоқда. Бу гал Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг тақдимоти ўрганилди.
Қиличбозларимиз сўнгги икки Олимпия ўйинларида делегациямиз таркибида иштирок этиб келишмоқда. Янги Олимпия мавсуми терма жамоамиз учун ҳар қачонгидан масъулиятли ҳисобланади. Боиси 2027 йил Тошкент катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади ва унда Олимпиада учун энг йирик рейтинг очколари ўйналади. Федерация тақдимотида раис Махсуд Абдусамадов ва Бош котиб Гулнора Саидова бу борада алоҳида тўхталиб ўтишди.
Уларнинг таъкидлашича, қиличбозларимиз бу гал жамоавий дастурда ҳам Олимпиада йўлланмалари учун кураш олиб боришади. Бу борада саблячиларимизнинг имконияти юқори баҳоланиб, ҳозирдан тайёргарлик бошлаб юборилгани маълум қилинди. Шунингдек, қиличбозларимизни бошқа йўналишларда ҳам муносиб тайёрлаш борасида ишлаб чиқилган режа таништирилди.
Суҳбат давомида янги Олимпия циклида терма жамоага жалб қилиниши кутилаётган хорижлик мураббийлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Терма жамоа бош мураббийи Руслан Кудаев хорижлик мутахассислар билан ишлаш, юртимизда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Жаҳон кубоги босқичларини ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни саралаш кўзда тутилганини қўшимча қилди.
Суҳбат якунида федерациянинг ҳудудий бўлимлари билан ишлашни янада жадаллаштириш тавсия қилиниб, Ўзбекистон делегациясини Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳаси учун таклифлар белгилаб олинди.