Ру En O'z
25 Декабрь 2024 141

Расмийлар Наманган вилоятидаги спорт инфратузилмаси ва соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишишди

Спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддиларининг Республикамиз ҳудудлари бўйлаб олиб бораётган ўрганиш ишлари давом этади. Ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг спорт соҳасидаги инфратузилмаси ва ёшларга бу борада яратилган шароитлар билан танишди. Сафар давомида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков расмийларга ҳамроҳлик қилди.

Давлатобод тумани дастлабки манзилга айланди. У ердаги спорт мактаби ва янги барпо этилган сендвич панелли дзюдо зали мутасаддилар эътиборида бўлди. Наманган дзюдо мактаби миллий терма жамоага жаҳон чемпионати совриндори Обидхон Нўмоновни етиштириб берган. Шу сабабли вилоят ёшлари орасида дзюдога қизиқиш ва ушбу спорт билан шуғулланувчилар сони сезиларли даражада ошди. Суҳбатда Нўмонов сингари иқтидорли спортчиларни саралаш, улар билан ишлаш борасида фикр алмашилди.

Сафар давомида яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби, жаҳон стандартларига жавоб берадиган «Океан» сузиш ҳавзаси ҳам кўздан кечирилиб, у ердаги шароитлар ўрганилди. Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида муассаса фаолияти таҳлил қилингач вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари иштирокида янги Олимпия циклига тайёргарлик ва 2025 йил учун режалар кўриб чиқилди.

Учрашувда бўлажак Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрадиган наманганлик спортчилар рўйхати кўриб чиқилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳудудий мутахассислар билан спорт мактабларининг фаолиятини янада жонлантириш, ундаги мураббийлар малакасини ошириш борасидаги ишлар белгилаб олинди.

Text to speech