Ру En O'z
24 Декабрь 2024 140

Қудратилла Рафиков Ўзбекистон сузиш федерацияси раиси этиб сайланди

Янги Олимпия циклида ўз олдига улкан мақсадлар қўйган Ўзбекистон сузиш федерациясининг ҳам навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Кун тартибидан федерацияга янги раҳбар сайлаш масаласи ўрин олди.

Сузиш Олимпия ўйинларида салмоқли йўлланма ва медаллар ўйналадиган спорт турларидан ҳисобланади. Шу боис, федерация моддий-техник базасини кучайтириш, мазкур йўналишларда ўзбекистонлик атлетларга янада қулай имкониятлар яратиш устувор вазифа ҳисобланади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан сўнгги йилларда ҳудудларда сув спорти турларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида жаҳон стандартларига мос келадиган 50х25 метр ўлчамдаги ҳавзалар фойдаланишга топширилди. Қашқадарёда айни пайтда навбатдаги объект – замонавий сув спорт турлари саройи қад ростлаётган бўлса, Тошкент вилоятида яна бир сузиш ҳавзаси қурилиши лойиҳалаштириляпти.

Федерациянинг аввалги раҳбари Қ.Саноқулов мамлакат гандбол федерацияси бошқарувига ўтгани ва юқоридаги жиҳатларни инобатга олган ҳолда, сузиш федерацияси раҳбари лавозимига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Рафиков Қудратилла Мирсагатович номзоди илгари сурилди. Тадбирда қатнашган делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Қ.Рафиков мамлакат сузиш федерацияси раиси этиб сайланди.

Тадбир давомида федерациянинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси батафсил кўриб чиқилди. Бунда терма жамоаларга хорижлик малакали мураббийларни жалб этиш, селекция йўналишига кўпроқ аҳамият бериш каби мавзулар муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, сузиш, сув полоси, сувга сакраш ва синхрон сузиш дастурларида атлетларимизнинг Олимпиада йўлланмалари учун имкониятлари кўриб чиқилди.

Text to speech