Ру En O'z
24 Декабрь 2024 123

Ўзбекистон гандбол федерацияси раҳбариятида ўзгариш

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти иштирокида мамлакат гандбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди. Унда федерацияга янги раҳбар сайланди ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси кўриб чиқилди.

Бўлажак Олимпия ўйинларига жамоавий спорт турларида кўпроқ лицензия олиш Ўзбекистон делегацияси олдидаги устувор вазифалардан саналади. Шу боис, мазкур йўналишдаги спорт федерацияларининг фаолиятини жонлантириш талаб этиларди.

Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати”нинг бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Саноқулов Қувондиқ Саноқулович номзоди Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилди. Ўз навбатида, Спорт вазири Адҳам Икрамов спорт соҳасида ҳам улкан тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида мамлакат сузиш федерацияси раиси лавозимида фаолият олиб борган Қувондиқ Саноқулович ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Q.Sanoqulov мамлакат гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон гандбол федерациясининг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси атрофлича кўриб чиқилди. Унда расмийлар бўлажак Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турларида ҳам йўлланма олиш муҳим экани, бунинг учун барча терма жамоаларимизга керакли шароитлар яратиб берилиши ҳақида тўхталиб ўтишди. Тақдимотда эркаклар ва аёллар терма жамоаларимизнинг бу борадаги имкониятлари ўрганилди.

Text to speech