Rasmiylar Buxorodagi sport taʼlim muassasalarining faoliyatini oʻrganishdi
Спорт вазирлиги ҳамда МОҚ раҳбариятининг вилоятлар бўйлаб ҳудудлардаги спорт инфратузилмасини ўрганиш ишлари давом этади. Куннинг биринчи ярмида расмийлар Бухоро вилоятидаги асосий спорт муассасаларига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишишди. Мутасаддиларга вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлик қилди.
Дастлабки манзил «Универсал» спорт мажмуаси бўлди. Қайд этиш жоиз, ушбу объект жорий йил замонавий қиёфа очди. Комплекс сентябрь-октябрь ойларида футзал бўйича жаҳон чемпионатининг 17 та ўйинини қабул қилди. Бугунги кунда мажмуа жамоавий спорт турлари билан шуғулланиш учун катта қулайликларга эга. Ўрганиш давомида мазкур аренанинг имкониятлардан фойдаланган ҳолда кўпроқ халқаро мусобақалар ташкил этиш, бу орқали спорт туризмини шакллантириш ва бухоролик ёшларга спорт руҳини улашиш каби мавзулар кўриб чиқилди.
Бухоро Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази кейинги манзилга айланди. Мутасаддилар ушбу таълим муассасасини тўлалигича кўздан кечирилиб, у ерда таҳсил олаётган ёшлар билан суҳбатлашишди. Шунингдек, марказнинг моддий техник базаси, ўқувчилар учун яратилган шароитлар таҳлил қилинди. Шу ернинг ўзида вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари билан 2025 йил ва янги Олимпия цикли учун тузилган режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Бухоро вилоятига ташриф давомида Ғиждувон туман спорт мактаби галдаги манзил бўлди. Расмийлар мактаб фаолияти ва машғулотлар жадвали қатори тиббиёт бўлимидаги шароитларни ҳам эътибордан четда қолдиришмади. Вилоят футбол академияси ҳам кўздан кечирилиб, мутахассислар билан иш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ўрганилди. Мутасаддилар бугун Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги асосий таълим муассасаларини ҳам ўрганишлари кўзда тутилган.