Роман (Рема) Ицковнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз
Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида хизмат қилган фидойилардан бири Роман Ицков вафот этди.
Роман Исаевич Ицков 1938 йил 23 август куни Украинада туғилган. Кейинчалик Ўзбекистонга кўчиб келган. Жисмоний тарбия давлат институтини тамомлагач ушбу даргоҳда узоқ йиллар турли лавозимларда, кейинчалик ЎзССР Спорт қўмитасида Олимпия ва Оммавий спорт турларини тарғиб қилиш бўлими бошлиғи, 1997 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси тизимида Олимпия ҳаракатини тарғиб қилиш ва спорт федерациялари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйишда самарали меҳнат қилиб келган.
2013-2015 йиллар МОҚ раиси маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Ўзбекистон спорт делегациясининг таркибида Осиё ва Олимпия ўйинларида иштирок этган. Кўп йиллар давомида ўзбек спортининг ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўшган.
Кўрсатган хизматлари эвазига давлатимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи ва 2-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Роман Ицковнинг вафоти муносабати билан мурҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, уларга сабр тилаб қолади.