IJF дзюдо қоидаларига ўзгартиришлар киритмоқда
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳакамлар ва мураббийлар учун халқаро семинар ташкил этилди. Унда янги Олимпия циклида амалга татбиқ этиладиган қоидалар ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Семинарда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳакамлар ҳайъати ва терма жамоа мураббийлар штаби вакиллари иштирок этишди.
Янги қоидаларда бир қатор ўзгаришларни учратиш мумкин. Уларнинг энг асосийлари сифатида аввалгидек бир қўл билан рақиб оёғига ҳужум қилишга рухсат берилиши, Рио-2016 циклигача амал қилган юко баҳосининг қайтишини кўрсатиш мумкин. Қолаверса, усулларни баҳолаш, ҳужум ва ҳимоядаги қоида бузилиши учун бериладиган огоҳлантиришларда ҳам баъзи бир ўзгаришлар бор. Янги қоидалар, 2025 йилнинг февраль ойида Париж шаҳрида ўтиши кўзда тутилган “Катта дубулға” турниридан жорий этилади.