Пойтахтимизда дунёнинг энг кучли кураш усталари беллашишди
Тошкентдаги «Универсал» спорт мажмуасида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун World Series Pro мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди. Ҳар бир вазн тоифасида барча қитъаларнинг энг кучли спортчиларини жамлаган мазкур турнир қизиқарли беллашувларга бой бўлди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Халқаро кураш ассоциациясининг биринчи вице-президенти, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, мамлакат кураш федерацияси раиси Ниғматилла Йўлдошев, шунингдек, минтақалардаги кураш конфедерацияларидан ташриф буюрган расмийлар иштирок этишди.
Соврин жамғармаси 170 000 АҚШ долларини ташкил этган ушбу турнирда 17 давлатдан 80 нафар курашчи қатнашди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 8 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.