Лицензиат дзюдочиларимиз ва уларнинг мураббийлари тақдирланишди
Туризм ва спорт вазирлигида Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган дзюдочилар ҳамда уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Aбдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари, дзюдочилар, уларнинг ота-оналари, мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб Aбдужаббор Абдувоҳидов дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулноза Матниязовани мукофотлаш тўғрисидаги Президент Фармонини ўқиб эшиттирди ҳамда унга “Шуҳрат” медалини топширди.
Тантанали маросимда ХХХII ёзги Олимпия ўйинларининг 10 нафар (7 эркак, 3 аёл) лицензиати ҳамда уларнинг мураббийларига бир марталик пул мукофотлари топширилди. Белгиланганидек, дзюдочилар 100 млн, уларнинг мураббийлари 50 млн сўмлик сертификатларни қабул қилиб олишди. Дзюдочилар номидан сўзга чиққан Давлат Бобонов, Гулноза Матниязова, терма жамоа мураббийи Ўктам Раҳмонов билдирилган юксак ишончни оқлаш учун Олимпиадада бор имкониятларини ишга солишга ваъда беришди.
Тадбир якунида МОҚ раиси спортчиларимиз билан алоҳида суҳбатлашиб, уларга бўлажак Олимпия ўйинларида муваффақият тилаб ўтди.
Маълумот учун, Ўзбекистон дзюдоси тарихида илк бор терма жамоамизнинг 10 нафар аъзоси Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шунингдек, жамоавий микст (аралаш жамоавий) баҳсларида ҳам илк бор иштирок этамиз. Терма жамоамиз делегацияси эртага Япониянинг Майдзуру шаҳрига жўнаб кетади. Олимпиадага тайёргарликнинг сўнгги босқичи айнан Кунчиқар юртда ўтказилади.