Спорт вазирлиги ҳамда МОҚ раҳбарияти иштирокида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди
Бугун спорт вазирлигида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Даставвал, Адҳам Икрамов жараённинг умумий ҳолати билан танишди. Шерзод Ташматов янги Олимпия циклида терма жамоалардаги лицензияларга даъвогар спортчилар, уларнинг имкониятлари борасида маълумот берди. Йиғилиш давомида Ойбек Омилович ҳудудларда олиб борилаётган ўрганиш ишлари хулосаси бўйича фикрларини билдирди.
Якунда иқтидорли спортчиларни селекция қилиш, терма жамоаларнинг моддий техник-базасини яхшилаш, спортчиларга доимий равишда маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш каби вазифалар, қолаверса, Ўзбекистон делегациясини Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент Қарори лойиҳаси учун муҳим йўналишлар белгилаб олинди.