Ажойиб якун: Руслан Нурудинов ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилаб, уч карра жаҳон чемпионлигига эришди!
Баҳрайнда якунига етиб бораётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўз иштирокини тугатди. Юртдошларимизнинг чиқишига Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов ажойиб нуқта қўйиб берди.
-109 кг вазн тоифасида иштирок этган юртдошимиз даст кўтариш машқида 182 кг билан бешинчи ўринни банд этган бўлса ҳам, силтаб кўтариш дастурида юксак маҳорат кўрсатиб, 242 кг билан 3 йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришди. Шу тариқа, унинг умумий ҳисобда қайд этган 424 кг натижасини ҳеч бир атлет янгилай олмади ва Нурудинов учинчи бор икки кураш бўйича жаҳон чемпионлигига эришди.
Даст кўтариш йўналишида олтин медалга эга чиққан Шарофиддин Амриддинов силтаб кўтаришда 212 кг билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 кг билан бешинчи бўлди. Шундан бўлса ҳам, барча йўналишлардаги олтин медаллар Ўзбекистон терма жамоаси вакилларига насиб этди. Баракалла, йигитлар!
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу дунё биринчилигини 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан якунлади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу натижа билан мамлакат оғир атлетика федерацияси, спортчи ва мураббийларни самимий қутлайди.