Бугун ўрганиш ишлари Жиззах вилоятида олиб борилди
Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги мутасаддилар бугун ўрганиш ишларини Жиззах вилоятида давом эттиришди. Ишчи гуруҳга вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамроҳлик қилди.
Дастлаб расмийлар Даштобод шаҳарчасидаги спорт мактабида бўлишди. Мазкур муассаса таэквондо ВТ спорт турига ихтисослашган бўлиб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Озода Собиржонова ушбу мактаб тарбияланувчиларидан ҳисобланади. Мутасаддилар спортчимиз ва мазкур залда машғулот олиб бораётган ёшлар билан учрашиб, уларнинг режалари, шароитлари ҳақида суҳбатлашишди.
Шундан сўнг расмийлар Зомин ва Зарбдор туманларидаги спорт мактабларини ҳам кўздан кечиришди. У ердаги шароитлар, ўқувчиларнинг машғулотлар жадвали, моддий-техник базалар ўрганилди ва иш самарадорлигини ошириш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги велоспортнинг БМХ йўналишига ихтисослашган мажмуа, Шароф Рашидов ва Дўстлик туманлардаги спорт мактабларнинг фаолияти ҳам ўрганилиб, ёшларни спортга янада кенг жалб қилишга доир вазифалар белгилаб олинди.
Ҳар бир ҳудудда бўлгани каби вилоятдаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ҳам алоҳида назар ташланди. Вилоят футбол академиясида ўтган ўрганиш ишлари доирасида мутахассислар билан учрашув ташкил этилди. Унда ҳар бир федерацияларнинг вилоят бўлими вакиллари ва бошқа мутахассислар билан янги Олимпия циклига тайёргарлик бўйича фикр алмашилди.