Лос-Анжелес-2028: Волейболчиларимиз ҳам тарихий йўлланма олиш илинжида
Волейбол сўнгги йилларда юртимизда ривожланиб бораётган жамоавий спорт турларидан бири. Ўзбекистон волейбол федерациясининг Халқаро волейбол федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиши натижасида юртимизда бир қатор мусобақалар ташкил этилмоқда. Бундай юксалиш бўлажак Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун умид беради.
Шу асосда Отабек Умаров бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти мамлакат волейбол федерациясининг яқин 4 йиллик режаларига бағишланган тақдимоти билан танишди. Расмийларни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор, Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев қарши олди ва мавзу юзасидан умумий маълумот берди.
Ҳозиргача Олимпия ўйинларининг волейбол баҳсларида 12 тадан жамоа иштирок этган. Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларида жамоалар сони 16 тага ошиши кутилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, мутахассислар Ўзбекистон эркаклар терма жамоасида имконият мавжуд эканини билдиришди.
Федерация масъуллари ўз тақдимотлари давомида минтақавий мусобақаларда иштирок этиш орқали жамоамизнинг салоҳиятини ошириш кўзда тутилганини маълум қилишди. Шунингдек, соҳил волейболи дастурида ҳам бу борадаги имкониятлар кўриб чиқилди.
2025 йил пойтахтимиз ушбу спорт турида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилади. Айнан мазкур мусобақа Олимпия циклига тайёргарлик кўрадиган таркибни аниқлаб олиш, хато ва камчиликларни кўздан кечириш имкониятини тақдим этиши таъкидланди.