Ру En O'z
4 Декабрь 2024 243

Камончиларимизнинг нишонида Лос-Анжелес-2028 лицензиялари

МОҚ раҳбарияти куннинг иккинчи ярмида пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюрди. Мутасаддилар бу ерда жойлашган Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг базасида бўлиб, терма жамоамизнинг янги Олимпия циклига тайёргарлик режаси билан танишди.

Федерация масъуллари ўз тақдимотларида сўнгги йилларда камондан отиш спортини ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди. Хусусан, Спорт вазирлиги, МОҚ ва Миллий гвардия қўмондонлигининг ёрдами билан ушбу спорт оммавийлиги ёшларимиз орасида сезиларли даражада ошгани, ҳудудларда камондан отиш билан шуғулланувчилар сони ортиб бораётгани ҳақида маълумот беришди. Шубҳасиз, бундай ўсиш янги Олимпия циклидаги асосий йўналишлардан бири – селекция ишларида жуда муҳим ҳисобланади.

МОҚ расмийлари тақдимот ҳақида хулоса билдиришар экан, терма жамоага хорижий мутахассисларни жалб этиш, ушбу спорт ривожланган терма жамоалар билан ўқув-машғулот йиғинларини кўпроқ ташкил этиш каби тавсияларни бериб ўтишди.

Қайд этиш жоиз, камончиларимиз Париж-2024 Олимпиадасида дебют қилишди. Келгусида улар жамоавий йўналишда ҳам Олимпиада лицензияларини қўлга киритишни мақсад қилишган.

Кун якунида Президент қарори лойиҳаси учун велоспорт ва камондан отиш каби мураккаб техник спорт турларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар белгилаб олинди.

Text to speech