Ру En O'z
4 Декабрь 2024 98

Лос-Анжелес-2028: Велоклублар фаолиятини кучайтириш бўйича тавсия берилди

МОҚ раҳбарияти федерация ҳамда ассоциацияларнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик тақдимоти билан танишишда давом этади. Бугун куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг режалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу спорт Олимпия ўйинларида энг кўп лицензия ва медаллар жамланмаси ўйналадиган йўналишлардан ҳисобланади. Бироқ сўнгги Олимпиадаларда велоспортчиларимиз кам сонли йўлланмалар билан чекланиб қолишмоқда. Суҳбат давомида ушбу жиҳат танқид остига олиниб, келгусида терма жамоамиз йўлланмалар билан чекланиб қолмай, совринли ўринлар учун курашиши лозимлиги билдирилди.

Федерация масъуллари айни шу мақсадда терма жамоаларга уч нафар хорижий мураббий жалб этилгани, улар режа асосида нафақат катталар, балки ёшлар жамоаси билан ҳам ишлаб бориши кўзда тутилганини таъкидлашди. Мутасаддилар ташриф давомида федерациянинг моддий техник базасини ҳам кўздан кечиришди. Ўрганиш ишлари давомида клублар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш каби мавзуларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Режага кўра, кун давомида Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг режалари ҳам кўриб чиқилади.

Text to speech