Лос-Анжелес-2028: Бўлажак Олимпия ўйинларида эшкак эшувчиларимиздан ҳам умид катта
Эшкак эшиш Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар жамланмаси ўйналадиган спорт турларидан ҳисобланади. Хусусан, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан 30 дан ортиқ йўналиш ўрин олиши кутилмоқда. Бугун МОҚ раҳбарияти Ўзбекистон Ровинг&Саноэ федерация билан тайёргарлик режаларини муҳокама қилди.
Даставвал, Туябўғиз сув омборидаги сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг эшкак эшиш базаси, спортчилар яшайдиган ётоқхона, улар шуғулланадиган сув ҳавзаси ва терма жамоанинг моддий-техник базаси кўздан кечирилди. Қайд этиш жоиз, асосий база яқинида замонавий шароитларга эга яна бир комплекс ташкил этиляпти. Ўрганиш ишларида у ердаги жараён ҳам эътибордан четда қолмади.
Федерация мутасаддилари тақдимот давомида Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ҳамда Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимотларини намойиш этишди. Унда Олимпия дастуридаги экипажларни шакллантиришга кўпроқ аҳамият берилиши, барча масофаларда рақобатбардош таркибларни тайёрлаш ҳақида сўз борди. Якунда Президент қарори лойиҳасига спортчиларни замонавий инвентарлар билан таъминлаш борасида таклифлар белгилаб олинди.