Эътибор марказида дзюдо ва теннис федерацияларининг режалари
Федерация ва ассоциацияларнинг янги Олимпия даврига тайёргарлик режалари тақдимоти давом этади. Навбатдаги манзил Ўзбекистон дзюдо федерацияси бўлди.
Мутасаддилар даставвал дзюдо спортининг истиқболли режалари билан танишишди. Тақдимотни федерация раиси Азизжон Камилов ўтказди. Бунда ушбу спортнинг оммавийлигини оширишдан тортиб, асосий жамоага номзод полвонларни саралаб олиш методикаси, пойтахтимизда мунтазам “Катта дубулға” каби нуфузли мусобақаларни ўтказиш, терма жамоаларга янада кўпроқ хорижлик кучли мутахассисларни жалб қилиш каби мавзулар батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир вазн тоифасида ички рақобатни янада кучайтириш, бир хил савияга эга таркибларни шакллантириш каби таклифлар илгари сурилди.
Шундан сўнг расмийлар Ўзбекистон теннис федерацияга ташриф буюришди. Қайд этиш жоиз, сўнгги Олимпия ўйинларида ушбу спорт турида делегациямиз лицензия қўлга кирита олмади. Суҳбат давомида терма жамоада авлодлар алмашинуви сабаб шундай ҳолат юзага келгани таъкидланди. Ҳозирда бир қатор истеъдодли ракетка усталари етишиб чиқаётгани, улар жаҳон рейтингида юқори поғоналарга кўтарилаётгани қўшимча қилинди.
Ўрганиш ишлари давомида расмийлар ҳар икки федерациянинг моддий-техник базасини кўздан кечиришди. Якунда терма жамоаларни замонавий инвентарлар билан таъминлаш бўйича мутахассислардан фикрлар олинди ва тайёрланадиган Президент қарори лойиҳасига таклиф киритилиши билдирилди.