Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларининг муҳокамалари бошланди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида федерация ва ассоциациялар масъуллари билан яқин давр учун режалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, шунингдек, Спорт вазирлиги, МОҚ ва спорт федерациялар ҳамда ассоциациялар раҳбарлари ва масъуллари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида Адҳам Илҳамович ихтисослаштирилган спорт мактабларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг асосида вилоятларда Олимпия тайёргарлик базаларини ташкил этиш бўйича ўз фикрларини билдирди. Қолаверса, федерациялар масъулларига кучли хорижлик мураббийларни жалб қилиш, улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлар билан ишлаш бўйича вертикал тизим жорий қилиш, жойлардаги мавжуд инфратузилмани ўрганиш, бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, Отабек Муҳаммадалиевич янги Олимпия циклига Муҳтарам Президентимиз ва МОҚ раиси Шавкат Мирзиёевнинг ишончларини оқлаган ҳолда муносиб ҳозирлик кўриш лозимлиги, Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарликни янада кучайтириб, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларида кучли ўнликдан жой олиш белгиланганини таъкидлади. Бунинг учун барча федерациялар ва терма жамоаларга ҳозирдан тайёргарликни бошлаш, селекция, фармакология, диетология каби жиҳатларга ҳам алоҳида аҳамият қаратиш бўйича тавсиялар берилди.
Кун тартибига асосан муҳокама давомида Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг яқин 2 ва 4 йиллик учун мўлжалланган режаларининг тақдимоти ўтказилди. Унда ассоциация раиси Шерзод Ташматов комплекс мусобақаларга тайёргарлик, ушбу спорт оммавийлигини ошириш, терма жамоаларнинг самарадорлигини кучайтириш ва уларни асосий стартларга пухта тайёрлаш каби йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Йиғилишда келаси ҳафтадан ҳар куни 2 тадан федерация билан терма жамоаларнинг базаларига ташриф буюрган ҳолда мутахассислар ва барча масъуллар иштирокида ана шундай режалар муҳокама қилиниши, кейинги босқичда МОҚ раҳбарияти ва масъуллар Республикадаги барча ҳудудларга ташриф буюрган ҳолда мавжуд вазият ўрганилиши келишиб олинди. Якуний хулоса асосида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланиши белгиланди.