Ру En O'z
28 Ноябрь 2024 47

Янги Олимпия даврига тайёргарлик режалари муҳокама марказида

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида янги Олимпия циклига муносиб тайёргарлик кўриш, Қўмита фаолиятини изчил йўлга қўйиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси масъуллари иштирок этишди.

Учрашувда Миллий Олимпия қўмитаси фаолиятини тизимли такомиллаштириб бориш, унинг мақсадли ва натижага йўналтирилган иш режаси асосида самарали фаолият юритиши белгилаб олинди. Бунинг учун Қўмита мутасаддиларининг ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли иш режаларини шакллантириш, Спорт вазирлиги, ҳудудий ҳокимликлар, федерация ва ассоциациялар билан ҳамжиҳатликда иш йўлга қўйиш лозимлиги билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясини Милан-Кортина-2026 қишки Олимпия, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш, бунинг учун терма жамоаларимизга барча шароитлар яратиш ва уларга хориждан малакали мутахассислар жалб этиш каби устувор мавзулар борасида фикр алмашилди.

Text to speech