Ру En O'z
27 Ноябрь 2024 820

Ўзбекистон МОҚ раҳбарияти Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида қатнашди

Қувайтда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 90-йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилот фаолиятининг яқин келажакдаги режалари, олдинда турган йирик комплекс мусобақалар тайёргарлигига доир масалалар кўриб чиқилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон номидан ООК вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибидан Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларининг ташкилий масалаларига оид сўнгги янгиликлар ва уларнинг муҳокамаси ўрин олди. Масъуллар мавзу бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди. Шунингдек, тадбирда ООК доимий қўмиталари ўз фаолияти юзасидан ҳисобот беришди. Қолаверса, Осиё Олимпия кенгаши ҳамда Қувайт ҳукумати ўртасида ташкилот штаб-квартирасининг автономлиги бўйича келишув имзоланди.

Хизмат сафари давомида Қувайт давлати ҳамда Олимпия оиласининг юқори мартабали аъзолари, ООК раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига оид учрашувлар бўлиб ўтди. Унда ташкилотлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди.

Text to speech