Шаҳрам Ғиёсов ва Нилуфар Шомуродовани табриклаймиз!
Бугун ажойиб боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов ҳамда бадиий гимнастика бўйича терма жамоамиз вакили Нилуфар Шомуродова таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Шаҳрам Ғиёсов 1993 йил 7 июль куни Бухорода туғилган. Рио-2016 Олимпия ўйинларининг кумуш медаль соҳиби. 2017 йил Тошкентда ўтган Осиё чемпионати ва Гамбургда ўтган жаҳон чемпионати ғолиби. Ҳозирда профессионал боксда ёрқин жанглари билан мухлисларимизни хурсанд этиб келмоқда. Қайд этган натижалари учун “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.
Нилуфар Шомуродова 1999 йил шу куни дунёга келган. Бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати, Жаҳон кубоги босқичи ғолиби, Гран-при ва бошқа тоифалардаги нуфузли мусобақалар совриндори. Ўтган ой пойтахтимизда ўтган Осиё чемпионатининг гуруҳ машқлари йўналишида Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчимизни таваллуд айёми билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.