Ру En O'z
12 Ноябрь 2024 272

Тошкент-2025: ООК протокол менежери тайёргарлик жараёни билан танишди

Айни кунларда Қатар Спорт ва Олимпия музейи директори, Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг протокол менежери Абдулла Ал Мулла юртимизда бўлиб турибди. Меҳмон ташрифи давомида ўз йўналишида Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишмоқда.

Жаноб Ал Мулла даставвал Олимпия шаҳарчасида бўлиб, у ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Шундан кейин МОҚда ўз хулосалари билан ўртоқлашди. Учрашувда Қўмита Бош котиби, Тошкент-2025 дирекцияси директори Ойбек Касимов, шунингдек, Ўйинлар дирекциясининг ходимлари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида протокол бўйича тайёргарлик режаси батафсил кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ўйинларнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларига олиб борилаётган ҳозирлик, мусобақа меҳмонлари учун яратиладиган шароитлар, фаолият олиб борадиган кўнгиллиларни тўғри тақсимлаш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув давомида яқинда юртимиз мезбонлик қилган футзал бўйича жаҳон чемпионати аъло даражада ташкил этилгани алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари ҳам юқори савияда ўтказилиши айтиб ўтилди. Йиғилиш якунида дирекция ходимлари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Text to speech