Италия от спорти федерация билан ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Айни кунларда Италиянинг Верона шаҳрида «Fieracavalli» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. От спорти оламидаги йирик тадбирда Баҳромжон Газиев бошчилигидаги Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутасаддилари ҳам қатнашишяпти.
126 йилдан бери ташкил этилаётган мазкур кўргазма миллий федерациялар ўртасидаги ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш, соҳада эришилаётган янги ютуқлар юзасидан тажриба алмашиш имконини беради. Шу боис ушбу тадбир ривожланишнинг янги даражасига олиб чиқадиган муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Баҳромжон Газиев сафар давомида Италия от спорти федерацияси президенти Марко ди Паоло ҳамда Бош котиб Симоне Перилло билан расмий учрашув ўтказди. Унда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, мусобақалар ташкил этиш, зотдор отларни кўпайтириш борасида тажриба алмашиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Кўргазма давомида Ўзбекистон бурчаги ҳам ташкил этилиб, унда ташриф буюрувчилар мамлакатимизда от спорти ривожига оид маълумотлар билан танишиш баробарида, юртимиз мезбонлик қилаётган халқаро мусобақалардан лавҳаларни томоша қилиш имкониятига ҳам эга бўлишди.