IWF президенти оғир атлетика бўйича икки муҳим мусобақа ўтказиладиган объект билан танишди
Бугун Миллий Олимпия қўмитасига Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Жалуд ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамроҳлик қилди.
Ташриф дастлаб Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини кўздан кечиришдан бошланди. Унда Марказ директори Камол Сирожитдинов спортчиларнинг даволаниши, реабилитация жараёни ва уларга кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳақида батафсил маълумот берди. Муҳаммад Жалуд Марказда яратилган шароитларни юқори баҳолади.
Шундан сўнг мартабали меҳмонни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. IWF президентига Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинлари, шунингдек, келаси йил пойтахтимизда ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига кўрилаётган тайёргарлик бўйича тақдимот намойиш этилди. Унга кўра, ҳар икки мусобақа Олимпия шаҳарчасида қад ростлаётган велодромда ташкил этилади. Мутасаддилар тақдимотда мажмуа оғир атлетика беллашувлари учун қандай тайёрланиши, меҳмонлар учун яратиладиган шароитлар ҳақида батафсил маълумот беришди. Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг май-июнь ойларига белгиланган бўлажак дунё биринчилиги ёшлар Осиё ўйинлари олдидан синов мусобақаси вазифасини бажариб беради.
Ўз навбатида, Муҳаммад Жалуд Ўзбекистоннинг бу каби йирик мусобақаларни ўтказишда тажрибаси катталиги ҳақида гапириб, олдиндаги турнирларни аввалгиларидан ҳам яхшироқ ўтказишига ишонч билдирди. Тадбир давомида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, олдинда турган мусобақаларга ҳамкорликда тайёргарлик кўриш каби йўналишлар бўйича фикр алмашилди.