Ру En O'z
6 Ноябрь 2024 566

МОҚ допингга қарши кураш мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияга мезбонлик қилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида “Допингга қарши кураш: эришилган натижалар, ахлоқий, ҳуқуқий ва тиббий жиҳатлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожитдинов, шунингдек халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирок этишди.

Конференцияда дастлаб Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) президенти Витольд Баньканинг иштирокчиларга йўллаган видеомурожаати тингланди. Унда WADA раҳбари юртимизда нафақат спорт, балки, антидопинг соҳасига ҳам ҳукумат даражасида эътибор берилаётганлиги, бунинг натижасида Ўзбекистон антидопинг соҳасида ривожланган давлатларнинг 1-гуруҳидан жой олганлигини алоҳида таъкидлади ва конференция ишига омад тилади.

Шундан сўнг, Шаҳрулло Маҳмудов ўзбекистонлик спортчиларнинг жаҳон ареналарида катта натижаларга эришаётганлиги ва бу каби тадбирлар уларнинг билим ва кўникмаларини янада оширишини айтиб ўтди. Конференция давомида Абдушукур Садиков Ўзбекистонда допинг муаммолари ва имкониятлар (“Ўзбекистонда антидопинг фаолиятининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари”) мавзусида маъруза қилди ва шу билан конференция ўз ишини бошлади.

Тадбир давомида Жанубий Корея, Литва, Польша, Туркия, Қозоғистондан таклиф этилган экспертлар ва маҳаллий мутахассислар допингга қарши курашни ҳуқуқий тартибга солиш, миллий антидопинг қоидаларини ишлаб чиқиш, соҳага оид ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш, шунингдек, спортда тақиқланган моддалардан терапевтик истисно тарзида фойдаланиш масалалари юзасидан тематик тақдимотлар ўтказишди.

Text to speech